Общее·количество·просмотров·страницы

четверг, 14 декабря 2017 г.


18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун

ЮКСАКЛАРДА ҲИЛПИРАЙДИ ВАТАНИМНИНГ БАЙРОҒИ

Азалдан ота-боболаримиз Юрт рамзлари, айниқса, байроғини доимо эъзозлаб, уни жонидан ортиқ кўриб қадрлашган. Байроқни ор-номус дея билишиб, унинг душманлар қўлига тушмаслиги йўлида жон фидо қилишган. Тарихдан маълумки, улуғ ватандошимиз Нажмиддин Кубро умрининг сўнгги лаҳзаларида ҳам Ватан туғини қўлида маҳкам ушлаб, ёвга қарши курашиб халқимиз дилидан чуқур жой олган. Айни пайтда буюк аждодларимизнинг ҳаёт йўллари ва Ватан тимсолларига бўлган ҳурмат-эътибори, садоқати, меҳр-муҳаббати бугунги ёшларимиз учун ҳам ибрат бўлмоқда.
Юртимизда ўтказиладиган байрамларда ватандошларимизнинг қўлида ҳилпираб турувчи Ватанимиз тимсоли ўсиб келаётган наврасталарнинг дилида туғилиб ўсган диёрга содиқлик ва мамлакат келажагига дахлдорлик туйғуларини янада тўлқинлантириши шубҳасиз. Айни пайтда Халқаро спорт мусобақалари ва фан олимпиадаларида ғолиб бўлган юртдошларимизнинг шарафига Ватанимиз мадҳияси янграйди, байроғимиз юксакларга кўтарилади. Бу эса ўз навбатида Она Ватан шаъни ва ғурури тимсоли бўлмиш мустақиллик рамзларига бўлган садоқат ва ҳурматни янада мустаҳкамлайди.

 
 
Истиқлолнинг илк кунлариданоқ давлат рамзларини яратиш масаласига изчил киришилиб, халқимиз юрагидан жой олган Юрт рамзалари дунёга келди. Хусусан, 1991 йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ҳужжатнинг иккинчи ва учинчи моддаларида байроғимиз Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитети  рамзи эканлиги, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлиши белгилаб қўйилди.

Байроғимиздаги мовий ранг мусаффо осмон ва обиҳаётни англатади, у яхшилик, донишмандлик, ҳалоллик, шон-шуҳрат, садоқат, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва хотиржамликни билдирса, оқ ранг азалдан поклик ва беғуборликни ифодалаб келган. Яшил ранг яшариш, янгиланиш ва она табиат тимсолидир. Қизил чизиқлар вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ва давомийлик нишонидир. Янги чиқиб келаётган ой ва ўн икки юлдуз ҳам ўзига хос маънога эга. Маълумки қадим Шарқда ўн икки рақами мукаммаллик ва комиллик тимсоли сифатида қадрланиб келинган.


Бугун Республикамиз байроғини бутун дунё танийди. БМТ нинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи, Президент Девони, Олий Мажлис палаталари, Ҳукумат биноси, маҳаллий бошқарув идоралари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, мамалакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ва савдо ваколатхоналари, қолаверса, консуллик муассасаларида, элчихоналарида Ватанимиз байроғи доимо ҳилпираб турибди.

Бугун биз Ўзбекистон ёшлари Ватанимиз тимсолларига ҳамиша чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоғимиз, уларни кўз қорачиғидай асрашимиз лозим. Миллий туғимизнинг ва ўзлигимизнинг довруғини янада мустаҳкамлаш йўлида фидойилик кўрсатиб, дунё ҳамжамияти олдида бот-бот мадҳиямизнинг янграши ҳамда байроғимизнинг мангу ҳилпираб туриши мақсадида кучли билим ва тафаккурга эга, жисмонан соғлом бўлиш мақсадида мамлакатимизда яратилган шароитлардан унумли фойдаланишимиз даркор.

Зеро, Ватан тимсоллари халқнинг ор-номуси, меҳр-муҳаббати ва шон-шуҳрати ифодасидир.

 

Комментариев нет:

Отправить комментарий