Общее·количество·просмотров·страницы

четверг, 2 ноября 2017 г.


 

ТЎЙ – БАХТ ВА ҚУВОНЧ ЭЛЧИСИ!

Тўйлар юртимизнинг тинчлигию ризқ-насибамизнинг бутунлигидан, ҳаётимизнинг тобора фаровонлашиб бораётганидан дарак беради. Бугун қай маҳаллага ёки кўчага юз бурманг, ё бешик тўйи, ё суннат тўйи, ё мучал тўйи, ё келин тўй каби энг азиз маросимларимизга дуч келамиз. Бу каби унутилмас лаҳзаларга деярли ҳар куни гувоҳ бўламиз. Кўпчилигининг меҳмондўст мезбонию бошқаларининг азиз меҳмони бўламиз. Улар бизга ота-боболаримиздан қолган беқиёс миллий меросимиз ҳисобланади.

Тўйлар ва яхши кунлардан аслида маънавий озуқа олишимиз лозим. Яъни, уларда турли хил миллий урф-одат ва анъаналаримиз акс этади. Алла айтиш, келин салом, той миндириш каби одатларимиз борки, уларда ўзбеклигимиз, ўзлигимиз намоён бўлади. Айниқса, келинчакнинг у тушган хонадоннинг катта-кичик аъзоларига, бутун сулола аҳлига, узоқ-яқиндан келган қариндош-уруғларга салом бериши, яъни таъзим қилиши ҳар биримизнинг дилимизга олам-олам қувонч бағишлайди.

ҚАЙНАР ХУМЧА, ҚАЙНАЙВЕР

Яқин кунлар ичида кўпгина никоҳ тўйларга гувоҳ бўлдим. Тўй сабабчиларининг бирлари ошна-оғайниларим, баъзилари эса қариндошларим, қўни-қўшнилар ва маҳалладошларим ҳисобланади. Тўғриси, орзу-хавасли тўйхона соҳибларига ўхшатиб тўй қилишни истаб қоласан киши. Гўёки, эртаклардаги қайнар хумчада шавла қайнаётгандек, егуликларнинг охири йўқ, тугамайди. Лекин, бугунги қайнар хумчаларда шавла эмас, ўзимизнинг энг тансиқ миллий таомларимиздан тортиб бошқа халқларнинг, айниқса, ғарбча овқатларнинг энг машҳурлари, ширинликларию салатлари, мева-чеваларию ҳар хил ичимликлар қайнаб чиқаётгандек. Тўйхона хизматчилари атрофингизда гирди капалак бўлиб астойдил хизмат қилишади.                         

ЎРНАК БЎЛИШ ЎРНИГА...

Бизда чойни тез-тез янгилаб туриш, меҳмонларга худди меҳримиздек иссиқ чой узатиш ҳурмат белгиси эканини билардим. Аммо, аммо чойнакда спиртли ичимликлар қуйилишига, кишилар наздида одоб-ахлоқи билан намуна кўрсатилувчи баъзи бир одамларнинг ўзларини худди чой ёки шарбат ичаётгандек тутиб, ҳеч қанақа ножўя ҳаракат қилмаётгандек ҳолда отишиб ўтирганларига яқин кунлар ичида бўлиб ўтган тўйларда такрор ва такрор гувоҳ бўлдим. Аслида бу гуруҳ кишилар кимни алдаб ўтиришибди. Бундан кимга, нима наф. Ўз яқинлари, ўғли ёки қизидан яширинча, шу алфозда спиртли ичимликлар ичгани билан улар олдида айбсиз эмас-ку! Балки улар бу ҳақда билмас, билганда ҳам ўз ота-онасига дакки берувчилар кам топилади. Аммо бугун ўз фарзандини алдаётганларни эртага ўғил-қизлари ҳам чув туширишига, турли хил жирканч ёки ёмон йўллларга кириб қолиб, худди ҳеч нима билмагандек юришига ким кафолат беради. Бир ёлғон иккинчисини бошлаб келиши турмушда ўз тасдиғини топган. Тўғри, пашшадан фил ясаб, дарров тахликага тушиш ҳам ярамайди. Лекин танганинг икки томони бор. Бугунги ҳаётимизда ҳар қандай ҳолатга тайёр туришни кун сайин чуқур англаб бормоқдамиз.   

“ГОРКА, ГОРКА” – БИЗГА ХОС ЭМАС!     

       
 
  
  Яқин дўстларимнинг, жўраларимнинг, хуллас тенгқурларимнинг тўйларида яна бир хунук дастурга гувоҳ бўлдим. Ёшларнинг ароқ ва шу кабилар таъсиридаги беўхшов ҳаракатлари, тушунар-тушунмас ҳолда айтилган тўй тилаклари, тўйхонани бошига кийиб қий-чув қилишларидан ҳозирги одамларга, ўспирин йигит-қизларга нима бало урган деб, ўйланиб қоласан. Бироқ, бир ҳолат  хаёлимда жавобсиз қолаётган савволларни тўзғитиб, мени сергак торттирди. Миллийлигимизга ва динимизга умуман зид ҳол. “Горка, горка, ...” такрор-такрор янграётган ўзга сўз. Бу ҳақда эшитган бўлсамда тенгдошларимнинг бунақанги “маросим”лар ташаббускорлигига ишонмаган эдим. Ниҳоят, ёшлар талаби қондирилди. Ўзгалар истаги билан, кўпчилик ундови остида куёвнинг келинни ўпиши билмадим, бу нима деган гап. Ахир келин ва куёв бировга томоша қўйиб бериш учун никоҳланаётгани йўқ! Висол насиб бўлганини эса, бошқаларга кўз-кўз қилиш бизнинг менталитетимизга хос эмас. Хуллас, оммавий маданият унсурлари бизнинг турмуш тарзимизга, маънавиятимизга ҳар томондан кириб боришга уринмоқда. Биз эса, турли-туман бемани дастурлардан воз кечиб, зарарли иллатларга “йўқ” дея олсаккина ҳам маънавий, ҳам жисмонан соғлом бўламиз. Акс ҳолда, Ғарбга тақлид тариқасида қилаётган хатти-ҳаракатларимиз, янгидан ўйлаб топаётган бўлмағур урфларимиз бизга қимматга тушади. Ўйлаб кўринг, азиз замондош... Сиз нима дейсиз?     
ШОҲИДБЕК
 
  
 

Комментариев нет:

Отправить комментарий