“ЭСКИРМАС ЎЙИНЧОҚ”...
Севмоқ, севилмоқ. Бу ҳолатлар деярли ҳар биримизга таниш. Чин муҳаббат соҳиблари аслида энг бахтиёр одамлардир. Сиз бир инсонга қалб риштаси ила боғлангансиз, у эса, сизсиз ҳаётини тасаввур қила олмаса –бундан ортиқ бахт йўқ!.
Оғайниларим билан тез-тез бирор йиғилиб турамиз. Дийдор азиз, дейдилар. Ҳар учрашганда, албатта, муҳаббатдан гап очилади (ахир, кўпчилигимиз ҳали бўйдоқмиз!). Кимнингдир дилига қўл солиб кўрилади.
***
Навбатдаги ўтириш байрам кунига тўғри келди. Зиёфат бериш гали меники. Қўшалоқ базмга ўзгача тараддуд кўрдим. Бир дўстимнинг уйига меҳмон келиб қолган экан. Зиёфат олдиндан белгиланган, келмаса “жаримага тортилиши” тайин. Шу сабабли бояги оғайним тоғасининг биз тенги ўғлини ўзи билан кафега олиб келди. Ўша кеча Темур даврамизнинг меҳмони бўлди. Аввал танишиб олдик, бироз гурунглашгач, меҳмон кутилмаганда: “Ноз-неъматларимиз бисёр-ку, аммо, менимча, энг асосий ичимлик етишмаяпти?”, - деди дастурхонга ишора қилиб. Ҳамма менга тикилди. “Ҳеч нарсани унутмадингми?” - деди даврадан биров. “Йўқ, ҳаммасини буюрдим, “Кола”, “Спрайт”, “Фанта”, айтмоқчи, мана, мевали шарбатлар ҳам ҳозирлаб қўйилган”, - дедим. Темур эса, истеҳзо билан давом этди: “Ароқ-чи, ароқ ичмайсизми?! Ахир, усиз давра қизимайди. Ичмасам, ўйнолмайман...”. Ҳеч ким чурқ этмади. Ҳатто Темурни бошлаб келган дўстим ҳам жим эди. Нима қилишга ҳайронман, бошим қотди. Биламан, бу пайтда спиртли ичимликнинг соғлиққа зарари тўғрисида маъруза ўқиш бефойда. Барибир гапингга биров қулоқ солмайди! Унинг устига атрофимиздаги ҳар бир столда ўша заҳри қотилдан бор. “Меҳмон – отангдан улуғ. Бўлди, истагингни ҳозироқ муҳайё қилишади, тўғрими?”, - деди бошқа бир ошнам мен томон юзини буриб. На илож, офицантни чақирдим. “Лаббай”, - жавоб берди офицант. “Ана шундан борми?” - сўрадим аста бармоғим билан ёнимиздаги столда турган ароқ шишасини кўрсатиб. “Ҳа, бор, боя таклиф қилганимда ичмаймиз дегандингиз ё фикрингиз ўзгардими?”. Мен-ку ичмайман, меҳмонимизга учун сўраяпман. Темур, қанақасидан буюрасан”, - дедим қаътият билан. Хуллас, меҳмоннинг истаги бажо келтирилди.
Давра қизигач, Темурни гапга тортдим.
- Қачон уйланмоқчисан, кўнгил қўйганинг борми? , - шартта сўрадим? - Ҳа, бўлиб қолар. Шу йил охирларида, дадам айтганидек. Аммо севганиммас, севганларим бор.
- Тушунтириброқ гапир, кўнгил қўйгани битта бўлмайдими?!
Шу пайт буюртмамиз ҳам келди. Темур сўрамасидан олдин ҳаммамиз бир овоздан ичмаслигимизни айтдик. “Зоримиз бор, зўримиз йўқ”, - дея Темур биринчи қадаҳни шартта бўшатди. Қадаҳ сўзини айтишни ҳам боплар экан. Нима эмиш, кейинги базмларгача ҳаммамиз “отадиган” (ичадиган) бўлайликмиш. Даврага сукут чўмди.
Бироздан сўнг Темур билан суҳбатни давом эттирдим - Менга дадам болалигимда жуда кўп ўйинчоқлар олиб берарди, - деди у. - Лекин тезда безиб қолардим. Катта бўлсам, бошқа нарсалар билан овунаман, дердим ўзимга-ўзим. Масалан, машина ҳайдаш билан. Аммо ҳозир бу машғулот ҳам жонимга теккан. Дадамга айтиб неча марта машина алмаштирдим. Ҳар сафар янгисини, зўрини минаман! Энг қимматлариям кўнглимга ўтирмади. Яхшиям қизлар бор, улар билан телефонда гаплашиб, вақт қандай ўтганини билмай қоламан. Дадажоним жуда меҳрибон. Шаҳар четидаги дала-ҳовлимизни менга топшириб қўйган. “Шу ерда нима қилсанг, қил. Фақат, мени иш пайти безовта қилма”, - дейди. Уларга ҳам қийин. Чет эл сафарлари, хизмат ташрифларидан бўшамайди. Мени ранжитувчи нарсалар, ўйинчоқларнинг барчасини ёқиб юборганман. Автомобилга жононларни миндириб юраман. Ҳатто севги масаласида ҳам зерикиб қолганман. Бироқ қизлар билан танишсам мазза қиламан. Шу нарса аниқки, севги “эскирмас ўйинчоқ” экан... Ҳаммамиз ҳайрон. Шўх мусиқа янграши билан Темур ўйинга туриб кетди. Қизлар даврасига кирди. Биз ҳам ортидан бордик. Бирон муаммо чиқармасин, деб унга кўз-қулоқ бўлиб туришга тўғри келди. Озроқ рақсга тушдик. Зиёфат ҳам тугади. Ҳамма уй-уйига тарқади. Менга эса, кутилмаган меҳмонимиз ҳақидаги ўйлар тинчлик бермасди. Ким билсин, бунақанги базмлар ҳам Темурни аллақачон чарчатиб қўйгандир.
Бир томондан, ачиниб кетасан, киши. Нега Темурга ўхшаган баъзи тенгдошларимиз учун севгининг қадри қолмаган?! Сиз нима дейсиз, азиз замондош?
ШОҲИДБЕК